Ички ишлар вазирлиги терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўлими ҳамда Фарғона вилояти ИИБ одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан 2 нафар аёлни фоҳишалик учун Туркияга юбораётган жиноий гуруҳ аъзоларининг фаолияти фош этилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Андижонлик 35 ёшли А. исмли фуқаро М. исмли тенгдош таниши билан биргаликда қўқонлик 34 ёшли Ф. ҳамда фарғоналик 36 ёшли Н.ни Истанбулда қўшмачилик билан шуғулланиб келаётган «Ойдин» исмли аёлга юбориш учун олдиндан тил бириктирган. «Ойдин»нинг ёрдами билан икки аёл учун авиачипта сотиб олишган.
Келишувга асосан улар жабрланувчиларга 1500 доллар ойлик маош таклиф қилишган. Уюшган гуруҳ ўзларининг ғаразли ниятига эриша олмади. Тошкент халқаро аэропортида улар далилий ашёлар билан қўлга олинди.
Айни кунда ушбу ҳолат бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)