Қоҳирадаги вокзалда поездлар тўқнашувига, ундан сўнг ёқилғи баки ёниб, портлаб кетишига икки поезд машинистларининг жанжаллашгани сабаб бўлган. Бу ҳақда Sputnik хабар берди.
Локомотив машинисти унинг йўлини тўсган иккинчи машинист билан гаплашиб олиш учун кабинадан тушиб кетган.
«Иккинчи машинист эса баҳслашувдан қочиш учун орқага юрган. Бу пайт ҳайдовчисиз қолган локомотивнинг тезлиги ошган. Натижада марказий Қоҳира вокзалининг асосий биносидаги тўхташ жойига бориб урилган», — дейилади хабарда.
Поезд катта тезликда Қоҳира марказидаги Рамзис вокзали платформасига келиб урилган. Тўқнашиш оқибатида ёқилғи бак ёниб, портлаб кетган. Сўнгра ёнғин платформа ва вагон бўйлаб тарқалган.
Машинист ҳибсга олинган, Миср Транспорт вазири Хишам Арафат эса истеъфога чиқарилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида 28 киши ҳалок бўлган ва 50 дан ортиқ киши жароҳатланган.
Аввалроқ Мисрда бир кун ичида 2 марта темирйўл ҳалокати содир бўлгани хабар берилган эди.
Изоҳ (0)