Жорий йилнинг 26 февраль куни тахминан 10:30 да Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий поликлиникасининг иситиш қозонхонасида қозон портлади. Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар беришича, бирламчи маълумотларга кўра, мазкур ҳолатнинг келиб чиқишига, иситиш қозонининг носозлиги сабаб бўлган.
Авария натижасида, воқеа жойидан узоқ бўлмаган, флюорография хонасида навбатдаги тиббий кўрикдан ўтаётган Андижон шаҳар 4-сонли умумтаълим мактабининг ўқувчилари жабрланган. Аниқланишича, 9-синфнинг 18 нафар ўқувчилари ва уларни кузатиб борган 4 нафар ўқитувчилари енгил жароҳат олган, уларнинг аҳволи қониқарли. Шунингдек, ўрта даражадаги жароҳатланган икки нафар ўқувчига тезкор ёрдам кўрсатилган. Уларнинг ҳам саломатлиги қониқарли даражада.
Мазкур ҳолат юзасидан, содир бўлган вазиятнинг келиб чиқиш сабаблари, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича Андижон шаҳар ҳокимияти, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими бошқармалари раҳбарлари ҳамда «Узтрансгаз» мутахассислари таркибидан иборат комиссия тузилди.
Изоҳ (0)