Жиззахда электрикнинг мажбуриятларини пухта бажармаганлиги оқибатида ток уришидан икки нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси вафот этди, дея хабар беради Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди.
Маълум бўлишича, фуқаро З.Шукуров (исм фамилияси ўзгартирилган) Мирзачўл тумани «Ғалаба» МФЙ ҳудудидаги «Обод қишлоқ» дастури асосида аҳолига уй-жой қурилишига электрик сифатида ишга жалб қилиниб, унга Мирзачўл тумани «Ғалаба» МФЙда жойлашган қурилиши тугалланмаган намунавий лойиҳадаги 21-хонадонга 220 вольт кучланишли электр симини сифатли ўтказиш тайинланган.
З.Шукуров электр симини ташқи механик таъсирдан ҳимояловчи жиҳозлар билан ҳимояламасдан ўтказганлиги оқибатида ушбу хонадонда яшовчи Муборак Набиева (исм фамилияси ўзгартирилган) электр токи уриб, воқеа жойида вафот этган.
Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди судланувчи З.Шукуровни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 116-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, унга нисбатан 2 (икки) йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
Изоҳ (0)