Жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман судида машинада одам уриб юбориб, унинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчининг суди бўлиб ўтди.

Ҳодиса 2018 йил 23 ноябрь куни соат тахминан 10:30 атрофида содир бўлган. Lacetti автомашинасини бошқариб кетаётган Абдуманон Булаков Самарқанд тумани «Ўзбеккенти» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи маҳалла ички йўлида 1962 йилда туғилган Т.У.ни уриб юборган. Натижада Т.У. оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган.

«Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаевнинг хабар беришича, Жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман судининг «Ўрташиқ» маҳалласи биносида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида мазкур ҳолат автрофлича ўрганиб чиқилган. Судланувчи Булаков суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қилган ишидан пушаймон эканлиги билдирган.

Судья Д.Нуралиев раислигида ўтган суд мажлисида судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг фикрлари тўлиқ тингланиб, суд ҳукми эълон қилинди. Суд ҳукмига кўра, Абдуманон Булаков Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб 3 йил транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.