Россияга ишчи сафари доирасида Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев россиялик ҳамкасби Дмитрий Патрушев билан учрашди. Бу ҳақда «Дарё»га Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Томонлар мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш динамикасини мамнуният билан қайд этди. Дмитрий Патрушевга кўра, 2018 йилда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси 20 фоиздан ошди. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини оширишга ёрдам берадиган мавжуд «Яшил йўлак» ва бошқа битимларнинг роли ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Савдо ҳажмини оширишга қаратилган чора-тадбирлардан ташқари, ҳар икки томон ўсимликчилик ва балиқчилик, илмий-техникавий ривожланиш, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва бошқа соҳаларда тегишли идоралар ўртасида тажриба алмашишга тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Россия идоралари ўртасида, хусусан, қишлоқ хўжалиги бўйича ўзбек-рус ишчи гуруҳи доирасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича режалар тузди.
Ўзбекистон делегациясининг сафари давом этмоқда.
Изоҳ (0)