Венгриянинг «Медиорад плюс Кфт» компанияси Андижонга 12 миллион евро миқдорида инвестиция киритиш орқали, кардиожарроҳлик йўналишида фаолият олиб борувчи замонавий клиникани барпо этади. Бу ҳақда журналист Умиджон Мамарасулов хабар бермоқда.
Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 9 февраль куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ушбу компания вакилларини қабул қилган. Қабул давомида инвесторларга Ўзбекистонда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити, тақдим этилаётган имтиёзлар ва кафолатлар ҳақида маълумотлар берилган.
— Компаниямиз Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида жойлашган бўлиб, турли бино ва иншоотларни жаҳон стандартлари даражасида қуриш, жиҳозлаш билан шуғулланади, — дейди компания вакили Владимир Юревич Серов. – Вилоят ҳокимлигининг таклифига биноан беш кун давомида Андижондаги бир қанча объектларни кўздан кечирдик ва вилоят реабилитация шифохонасини реконструкция қилиш, қўшимча бино қуриш ва жиҳозлаш учун 12 миллион евро миқдорида инвестиция киритишга қарор қилдик. Биз 52 та етакчи компаниянинг авторизацияси, яъни улар томонидан ишлаб чиқариладиган ускуна ва жиҳозларни ўзимиз қурган биноларга ўрнатиш ҳуқуқига эгамиз. Бу билан демоқчиманки, энг илғор технологиялар асосида капитал реконструкция қилиш ва жиҳозлаш имкониятига эгамиз.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Авазбек Абдураҳмонов сўзларига кўра, собиқ шифохона ўрнида кардиожарроҳлик йўналишидаги замонавий клиника барпо этилади. Бу бўйича лойиҳалаш ишлари бошлаб юборилган.
Изоҳ (0)