Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони Шаҳобиддин Зоиров фаолиятини профессионал боксда давом эттиради. Бу ҳақда GoSport хабар берди.
Бухоролик чарм қўлқоп устаси Буюк Британиянинг машҳур «МТK Global» промоутерлик компанияси билан шартнома имзолади. У хатто янги жамоаси билан бирга Испанияда ўқув-машғулот йиғинини ҳам ўтказишга улгурди.
«Ҳа, Британия компанияси билан шартнома имзоладим. Айни пайтда Бухородаман. Ҳафта охирида Англияга жўнаб кетишим керак. Ҳозир визанинг чиқишини кутяпман. Биринчи жангимни қачон ва кимга қарши ўтказаман, каби саволларга у ерга борганимдан сўнг ойдинлик киритилади», — деди Зоиров.
Маълумот учун, супер оғир вазн тоифасидаги собиқ жаҳон чемпиони британиялик Тайсон Фьюри, Мартин Мюррей, Билли Жо Сондерс сингари собиқ жаҳон чемпионлари ҳам «МТK Global» промоутерлик компанияси мижози ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Шаҳобиддин Зоиров Рио Олимпиадасининг ҳал қилувчи финал жангида россиялик боксчи Миша Алоянни мағлубиятга учратиб, шохсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)