Дунё иқтисодиётини нотенглик барбод қилмоқда. Бу олим уни қандай енгиб ўтиш кераклигини билади. Okko портали замонамизнинг ўзига хос иқтисодиётчиси ва сиёсий арбоби Роберт Райхнинг қарашлари билан ўртоқлашади.
Даромадларнинг нотенглиги бутун дунёнинг актуал муаммоларидан бири бўлса-да, ҳали унга мукаммал ечим топилгани йўқ. Масалан, Россия охирги 30 йилда аҳолининг қашшоқ қатлами 20 фоизга янада қашшоқлашганини, аксинча, қарама-қарши томондаги бир фоиз энг бадавлат қатлами янада бойлиги ошиши давом этаётгани, яъни ўтган давр ичида даромадлари 429 фоизга ошганлиги маълум бўлган. Таниқли иқтисодчи олим ва сиёсий арбоб, бутун умрини нотенглик феноменига бағишлаган Роберт Райх бир неча йиллик изланишлари натижасида бу ҳодиса табиатини чуқур ўрганган ва унинг нимаси хавфли эканлигини тушунтиради.
Ҳамма нарса ёки ҳеч нима
Time журнали Райхни ХХ асрнинг энг машҳур америкалик вазирлари ўнталигида қайд этган. Турли йилларда турли мансабларда фаолият юритган. Хусусан, Гарвардда профессор, Федерал савдо комиссияси аъзоси, Билл Клинтон сайловолди гуруҳининг иқтисодиёт бўлими раҳбари ва кейинроқ унинг қўл остида меҳнат вазири бўлган Райх Америка жамиятидаги ижтимоий-иқтисодий нотенгликни камайтириш учун қўлидан келгунча ҳаракат қилган. Унинг сўзларига кўра, нотенглик капитализм асосида шаклланади. Бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ, ахир бадавлат бўлиш ва ижтимоий зинадан юқорилаш истаги инсон учун яхши руҳлантиргувчи омил ва ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий тарафдан ўсишини таъминловчи муҳим жиҳатдир.
Профессор АҚШда икки хил иқтисодиёт мавжудлигига эътибор қаратади. Бир тарафдан қараганда, бу иқтисодиёт ўта юқори ва келажаги порлоқ кўринади: АҚШнинг ялпи ички маҳсулоти дунё ЯИМининг тўртдан бирини ташкил этади, дунёнинг деярли ярим акциялари эса айнан Америка компанияларига тегишлидир.
Охирги ўн йилликда Америка иқтисодиёти хамиртуруш солингандек кўпчиди ва ўрта қатламда ишловчи америкаликлар бу ҳосилдан ўз улушларини олишни режалаган эди. Афсуски, режалар режалигича қолди ва барча иқтисодий даромадлар аҳолининг энг устки қатламига насиб этди.Роберт Райх, «Шокдан кейин» китобидан
Афсуски, АҚШ иқтисодиётининг бошқа заиф тарафи ҳам борки, буни оддий америкаликлар ҳис этади. Нархлар ошиши, даромадлар камайиши ва ишсизлик даражасининг ошиши шулар жумласидандир. Агар оддий америкалик фуқаронинг 1978 йилдаги даромади йилига 48 минг доллар бўлган бўлса, 2010 йилга келиб бу кўрсаткич, инфляцияни инобатга олсак, 33 минг долларгача камайган. Шу вақт оралиғида америкалик бойлар даромади 390 мингдан 1,1 миллион долларгача кўтарилган.
«Бир тасаввур қилиб кўринг, — дейди Райх, — Американинг 400 бадавлат кишиси 150 миллион кам даромадли америкаликдан кўпроқ маблағга эга ва бу америкаликларнинг ярим аҳолисидир».
Тушкунликдан чиқиш
Иқтисодчи ғалати ва хавотирли вазиятни тавсифлайди. Айнан ўрта қатлам иқтисодиёт барқарорлигини таъминлайди. Бундай даражадаги бойликни Америка ўтган асрнинг 20-йилларда ҳали бил мас эди. Пул массасининг етишмовчилиги аҳолидаги харид қобилияти кескин тушишига олиб келади ва бу иқтисодиётга тўғридан-тўғри зарба беради. Солиқ йиғимлари пасайгач, бюджет танқислиги юзага келади, ҳукумат тиббиёт ва таълимни молиялашни камайтиради. Ишлаб чиқариш пасаяди ва ишсизлик ошади. Бу босқичларнинг ҳамма пунктлари 1929 йилда бошланган буюк тушкунлик даврининг у ёки бу қисмини эслатади. Райх ўша даврда ўнлаб бадавлат одамлар қўлида бутун пул массасининг 25 фоизи, ҳозир эса 23 фоизи турганини қайд этади.
Жуда кўп йиллар давомида оддий америкаликлар, даромад камайишига қарамай, одатий ҳаёт даражасини бир маромда ушлай билган. Лекин бунинг учун улар маълум йўқотишларга чидашга мажбур. Масалан, ХХ асрнинг 70-йилларида Америка меҳнат бозорида аёллар ёллана бошлади — бу уларнинг турмуш ўртоқларининг қадрсизланган маошларини ва нарх ошишини тўлдиришга қаратилган эди. 90-йилларда америкаликлар ўриндош ишлаш ҳисобига иш соатлари ошди ва улар иккинчи, ҳатто учинчи қўшимча иш қила бошлади. Ҳозирда улар ҳафтасига 70 соатдан ошиқ ишламоқда, бу европаликларга нисбатан йилига 300 соат кўп дегани.
«Кўпчилик нега кўп ишласа ҳам борган сари шароит ёмонлашаётганини ва олдинги ҳаётий даражада тура олмаётганини тушунмаяпти, — дейди Райх. — Улар банк ва ҳукуматдагиларни айбдор деб ҳисоблайди, аммо аслида нима бўлаётганини тушунмайди. Келажак бу тарзда давом этадиган иқтисодий тўлқинга қарши курашишга тайёр эмас. Яшаш, тиббий суғурта, таълим қимматлиги учун одамлар яшаш уйларини гаровга қўйиб, кредит олишга мажбур бўлмоқда. Шу туфайли 2007 йилда аҳолининг ўта даражадаги кредитлаш туфайли ипотека ва молия бозори издан чиқиб, бу жараёнга бутун дунё қўшилиб кетди. Жуда кўп экспертлар айнан шу сценарий яқин йилларда яна такрорланишини прогноз қилмоқда.
Яхшироқ бўлишини кўзлашган эди
Ҳақли савол туғилади: нега бундай бўлди ва қачон нимадир юз берди-ю, жамият нотенгликни ўткирроқ ҳис эта бошлади? Профессор Райхнинг фикрича, дастлабки туртки президент Рональд Рейганнинг солиқ сиёсатидан бошланган. Буюк тушкунлик даври тугашидан бошлаб 70-йиллар бошигача катта корпорациялар даромад солиғи ҳеч қачон 70 фоиздан тушмаган; бу даврни Райх Америка иқтисодиётининг энг гуллаган босқичи деб номлайди. Рейган солиқларни кескин пасайтириш орқали иқтисодиётни рағбатлантирган. Шундай қилиб, максимал даромад солиғи 70 фоиздан 28 фоизгача туширилган. Рейганнинг ушбу иқтисодий сиёсати рейгономика деб ном олиб, ҳалигача кўп мутахассислар муҳокамасига сабаб бўлмоқда.
Билл Клинтон даврида солиқ даражаси қайта ўсди ва 39 фоизгача кўтарилди. Бундан ташқари, у компания раҳбарларининг даромади миллион доллардан ошмаслигини белгилади. Бу қонуний кучга эга бўлгач, маслаҳатчилар директорлар маоши миллион доллардан ошса, компаниядаги улушини ошириш йўли билан маош тўлашни таклиф қилди. Шундан кейин директорлар ва директорлар кенгашига акциялар орқали тўлов қилиш бошланди. Билл Клинтоннинг сайловолди ваъдаси шундай ғайритабиий натижага олиб келган.
Катта Жорж Буш давридан 2017 йилгача максимал солиқ ставкаси 35 фоизлигича сақланиб қолди. Оддий америкалик учун баланд, миллиардерлар учун кам бўлмаган кўрсаткич. Аммо кўп миллиардерлар бу фоиз даражасида солиқ тўламаган: улар учун солиқ 15 фоиздан ошмаган. Чунки уларнинг асосий даромади инвестициялар ҳисобидан шаклланган. Бир сафар Уоррен Баффет 17,7 фоиз солиқ тўлаяпман, аммо ишчиларим 32,9 фоиз солиқ тўлайди, котибамдан бошқа ҳеч қайси ҳамкасбим менчалик кам солиқ тўламаган, деб тан олган эди. Охирги 10 йилликда солиқ сиёсати бадавлатлар фойдасига, ўрта қатламга қарши ишлади.
Икки стулда ўтириш
Мантиқий ўйлаб қаралса, ҳукумат бойлар тарафида экан, бу ҳукуматни улар сотиб олган. Райх лоббизм кенг қанот ёйганидан ва сайловларга сарфланаётган пуллардан хафа бўлади.
«Либерал ва консерватор миллиардерлар бор. Улардан баъзилари сизга ёқадиган натижани сотволса, бошқалари ёқмайдиганини сотиб олади. Бунинг учун катта пул тўлашади. Сайловни аукционга айлантириш мумкин эмас», — дейди Райх.
2016 йилдаги сайловларда бизнесмен ва миллиардер Дональд Трамп ғалаба қозонганида демократик кайфиятдаги америкаликлар ғазабини яширмаган эди.
Ҳозирги президент ҳокимиятдан бизнесдаги даромадини ошириш учун фойдаланмоқда, деган ҳақли айбловлар ҳам бор. Бу айбловларни унинг солиқ сиёсати ҳам бир қадар тасдиқлайди. Ундан олдинги президент Барак Обама ўрта қатлам баланд солиқ тўлашига қарши чиққан ва бу сиёсатга ўзгартириш киритган эди. Унга кўра, у дивидендлар олинадиган солиқни 15 фоиздан 23 фоизга, кейинроқ 28 фоизга кўтарган эди. Трампнинг қарашлари эса бошқачароқ. У бизнесмен ва тадбиркор қатламга солиқда енгиллик бериш керак деб ҳисоблади. Натижада юридик шахслар учун солиқ кескин ўзгариб, 35 фоиздан 21 фоизга камайди.
Ушбу қонунга қаршилар солиқ юки туфайли соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ёрдамни молиялаш қисқарганини ва бундан бадавлат америкаликлар фойда олаётганини тасдиқлайди. Райх хулоса ўрнида глобализация Америка халқига фойда келтирмади ва демократияни плутократияга (ўғрилар ҳокимиятига) айлантириб, олигархатни қўллаб-қувватлад, дейди. Қашшоқлик бор экан, нотенгликка қарши курашув давом этади ва дастлабки қадам меъёрий яшаш шароитига эга бўлишдир. Нима бўлганда ҳам бу жараён тўғрилангунича ҳали анча вақт ўтади.
Изоҳ (0)