Мактабдаги дарслар ва рақс машғулотлари орасида 13 ёшли Алина Морс олти ходимни бошқариб, бутун дунёдаги сотувчилар билан учрашишга улгуради. Бу ҳақда Forum Daily хабар берди.
Морс тўққиз ёшида шакарсиз конфет компаниясини ташкил этган. Бу фикр пайдо бўлишига унинг отаси «тишларингга зарар» дея конфет ейишини тақиқлагани сабаб бўлган. Алина бу тақиқдан норози бўлган. Кейин эса тишлари учун хавфсиз ва ҳатто фойдали бўлиши мумкин бўлган конфет яратишни ўргангиси келган.
Морс YouTube’да бир неча бор қандай қилиб конфет тайёрлаш ҳақида видеолар кўрганидан кейин ошхонада бир қатор экспериментларни ўтказган. Шундан сўнг, Морс Золли Cандй лойиҳасини ишга туширган ва Amazon’да энг кўп сотиладиган шакарсиз хўрозқандни яратган.
Морс Enterpreneur («Тадбиркор») журналининг муқовасида чиққанқанларнинг энг ёши бўлиб, у Оқ Уйда Мишель Обама билан икки марта учрашган. Энди қизалоқ ўз маҳсулотини Whole Foods, Walmart ва Kroger каби йирик дўконларда сотади.
Морс болалигидан бери компания бош директори бўлишни орзу қилар эди. Унинг айтишича, уч ёшидаёқ у бизнес қилиш учун турли ихтироларни ишлаб чиқа бошлаган. Охири ёш тадбиркор оғиз гигиенаси муаммосида тўхтаган. Чунки кариес болаларда энг кўп кузатиладиган касалликлардан бири эканини пайқаган.
«Тишларни тозалайдиган конфетлар ҳақида олдин ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Биз бу янги нарса эканини ва бозорда ўз ўрнимизни эгаллашимизни ҳис қилдик,» — дейди Морс.
Морс pH шакарини истеъмол қилганидан сўнг, оғиз бўшлиғи нордон бўлишини сезган. Бу эса кариесни келтириб чиқаради. Шунинг учун, у қаттиқ Золипоп ва чайналадиган Zaffi Taffy конфетларини тайёрлаш учун табиий шира берувчи ксилитол ва эритритолдан фойдаланган. Қизча бу билан оғизда нордонликни камайтириш, pH’ни мувозанатга келтириш ва «истеъмол пайти тишларни тозалаш»га эришган.
Алина ниҳоят ширинлик учун энг яхши рецептни танлаб олиб, бир қанча намуналарни синовдан ўтказгач бизнесини бошлашга ёрдам беришга отасини кўндирган. Ўша пайтда Морс туғилган куни ва бошқа байрамларда совға сифатида жами 3 750 доллар олган эди. Отаси ҳам бошланғич инвестицияга худди шунча миқдорда пул қўшган. Морс билан бирга Мичиган штатидаги турли фабрикаларга бориб, кўп миқдорда конфет ишлаб чиқариш ва қадоқлаш масаласида шартнома тузишга эришган.
Биринчи йил Морс Whole Foods улкан савдо дўконида 70 мингта Zollipop сотган. Тўрт йил давомида йилдан йилган савдо ҳажми икки баробарга ошиб борган. 2018 йилда эса савдодан тушган фойда 6 миллион долларни ташкил қилган.
Энди эса Морс 2019 йилда фойдани 10 миллион долларга етказишни мақсад қилган. Ҳозирда компанияда олти нафар ходим ишлайди. Фирма мамлакат бўйлаб улкан савдо дўконларига маҳсулот етказиб беради.
«Биз ҳозирча биринчи рақамли шакарсиз хўрозқанд ишлаб чиқарувчимиз. Лекин биз умуман ҳамма соҳада биринчи рақамли бўлишни хоҳлаймиз. Чунки мақсадимиз буюк, тарихимиз ажойиб, маҳсулотимиз эса аъло даражада. У нафақат хуштаъм, балки соғлиқ учун фойдали ҳам,» — дейди Морс.
Ўзининг ёш ижрочи директор сифатида қисқа муддатли карьераси давомида Морс фойдали хулосалар чиқарган. Унинг фикрича, унинг ёши харидорларини яхшироқ тушунишига ёрдам беради. Tootsie Roll ва Peeps сингари конфет ишлаб чиқарувчи етакчи савдо компаниялар раҳбарлари билан учрашувларда қиз кўпинча ёши катта эркакларни кўрган.
«Конфетлар дунёсида ажойиб инсонлар ишлайди, аммо ширинлик бизнесида болалар йўқ. Аёл раҳбарлар камлигини, айниқса ўсмир раҳбарлар йўқлигини кўрган заҳотим, вазиятни ўзгартиришга қарор қилдим» — дейди Морс.
Морс баъзан уни ёши туфайли жиддий қабул қилишмаслигини тан олади, лекин у бу фикр унинг ишига таъсир этишига йўл қўймайди. Алина муваффақиятининг сирини қандайдир иқтидор ёки тарбияга боғлиқ эмас, деб ҳисоблайди. У шунчаки қилаётган ишини яхши кўради ва бошқаларга ҳам ёрдам беради.
Алина Zollipops’дан тушган фойданинг 10 фоизини давлат мактабларида оғиз бўшлиғи гигиенаси дарсларини молиялаштиришга сарфлайди. Буни амалга ошириш учун Америкадаги кариес эпидемиясини камайтиришни мақсад қилган ўзининг Миллион Табассум нотижорат ташкилотидан фойдаланади. Шунингдек, у бошқа болаларни ўз бизнесини бошлашига илҳомлантириш учун маърузалар ҳам ўқийди.
Унинг сўзларига кўра, ҳар қандай ёшда бизнес бошлаш мумкин. Морснинг ўзи бунга жонли далил.
«Ёшингиз нечада экани, қаердан келганингиз, нима қилишингизнинг аҳамияти йўқ. Қилаётган ишингизга иштиёқ билан ёндошишингиз муҳим,» — дейди Морс.
Изоҳ (0)