Иқтисодий жиноятларга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун Президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали маълум қилди.
«Банк сири тўғрисида»ги Қонунга киритилган қўшимчаларга мувофиқ, банк сирини ташкил этувчи маълумотлар эндиликда Ҳисоб палатаси билан бир қаторда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига ҳам тақдим этилиши мумкин.
Шунингдек, қонун билан Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, валюта қимматликларини миқдоридан қатъи назар қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиши шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Илгари фақат анча миқдорда (энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача) ушбу ҳаракатларни амалга ошириш жиноят деб топилган.
Эндиликда анча миқдорда валюта қимматликларини олиш ёки ўтказиш жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади ва маъмурий жазо қўлланилмасдан тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.
Изоҳ (0)