Айни кунларда Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация Ҳиндистоннинг Янги Деҳли шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турибди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати берган маълумотга таяниб Умиджон Мамарасулов хабар бермоқда.
Вилоятга хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари билан келишувларга эришиш мақсадида уюштирилган ташрифнинг илк кунида мамлакатдаги нуфузли олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланган Шарда университети ўртасида Андижонда унинг филиалларини очиш орқали 100 миллион долларлик инвестиция киритиш бўйича шартнома имзоланган.
Филиалнинг очилиши бўйича дастлабки музокаралар ўтган йилнинг 6 октябрь куни Андижонда ўтказилган эди. Шунда университет президенти, профессор Прадип Кумар Гупта ҳамда халқаро алоқалар ва лойиҳалар бўйича вице-президенти Ашок Дарянинлар Андижон давлат тиббиёт институти ва клиникаси ҳамда ва машинасозлик институтида бўлиб, у ерда талабаларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишганди.
Музокаралар мобайнида Андижон давлат тиббиёт ва машинасозлик институтларида Университетининг филиаллари, тиббиёт институти клиникасида эса урология, гематология, офталмология, кардиохирургия, лапараскопияга ихтисослаштирилган алоҳида қўшма клиникани ташкил этиши бўйича келишиб олинган ва олий таълим муассасалари ўртасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича келишувлар имзоланган эди.
Андижон машинасозлик институти ректори Ўктам Саломовнинг маълум қилишича, филиал 2019–2020-ўқув йилидан ҳар йили учта ахборот коммуникацион, механика ва машинасозлик технологиялари таълим йўналишлари бўйича 1000 нафардан ортиқ юқори малакали мутахассисларни тайёрлаб беради.
Ўшанда жаноб Кумар Гупта ташкил этилаётган қўшма клиника учун зарурий тиббий технологияларни олиб келиш ва клиника бўлим бош шифокорларини малака оширишини ташкил этиш мақсадида Ҳиндистонга таклиф этганди. Шунга асосан университетнинг юқори малакали профессор шифокорлари декабрь ойида Андижонга келиб, клиникада мингга яқин аҳолини тиббий кўрикдан ўтказган.
Маълумот учун, Шарда университети Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда 55 мамлакатдан келган 20 мингдан ортиқ талаба таҳсил олаётган билим даргоҳига 2009 йилда Прадип Кумар Гупта томонидан асос солинган. Муассаса муҳандислик, тиббиёт, тиллар тадқиқоти, менежмент бошқаруви, санъат, архитектура ва бошқа йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлайди.
Изоҳ (0)