Хорватия терма жамоаси ва «Реал Мадрид» ярим ҳимоячиси Лука Модрич Болгария янгиликлар агентлиги талқини бўйича Болқон яриморолида 2018 йилнинг энг яхши спортчиси дея эътироф этилди, деб ёзади AP.
Таъкидланишича, «Уимблдон» ҳамда US Open чемпиони Новак Жокович 2-ўринга лойиқ кўрилди. «Ролан Гаррос» ғолиби Симона Ҳалеп 3-поғонани банд этган. Сўровномада Албания, Босния ва Герцеговина, Хорватия, Греция, Македония, Черногория, Руминия, Сербия ҳамда Туркия ахборот агентликлари иштирок этди.
Модрич 2018 йилда «Олтин тўп» соҳиби бўлди. Лука ушбу совринни фаолияти давомида биринчи марта қўлга киритди. Жорий йилда футболчи «Реал» билан Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонди ва ЖЧ—2018 да Хорватия терма жамоаси билан финалгача борди ва Франция билан кечган финал ўйинида 2:4 ҳисобида мағлуб бўлди.
Бундан ташқари 33-ёшли ўйинчи ўтган мавсумда УЕФА талқини бўйича энг яхши футболчи, Чемпионлар Лигаси — 2017/18 йилги мавсумида энг яхши ярим ҳимоячи бўлди ҳамда ФИФА талқинига кўра 2018 йилнинг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этилди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)