Normaтив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Олис ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақига иш стажи учун устамалар белгилаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди, деб ёзади «Газета.uz».
Ҳужжат билан республиканинг олис тоғли ва чекка ҳудудларида жойлашган умумтаълим мактаблари рўйхати тасдиқланиши мумкин.
Олис тоғли ва чекка ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақига иш стажи учун давлат бюджети ҳисобидан устамалар берилиши қуйидаги тартибда белгиланади:
- меҳнат стажига эга бўлмаган ёш мутахассислар — белгиланган базавий тариф ставкасининг 25 фоизи;
- меҳнат стажи 1 йилдан 3 йилгача бўлган ўқитувчилар — белгиланган базавий тариф ставкасининг 50 фоизи;
- меҳнат стажи 3 йилдан 5 йилгача бўлган ўқитувчилар — белгиланган базавий тариф ставкасининг 75 фоизи;
- меҳнат стажи 5 йилдан ортиқ бўлган ўқитувчилар — белгиланган базавий тариф ставкасининг 100 фоизи.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
- олис тоғли ва чекка ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақига иш стажи учун устамалар берилишини қатъий назоратга олиш;
- жойларда олий ўқув юртлари битирувчилари билан учрашувлар ташкил этиб, уларни чекка ҳудудларда жойлашган, педагог кадрларга эҳтиёж мавжуд бўлган мактабларга жалб этиш, ёш мутахассисларга иш ва яшаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва таълим сифатини яхшилаш вазифалари юклатилади.
Изоҳ (0)