Ўзбекистонлик ўқувчилар Халқаро математика, кимё ва физика фанлари бўйича (интеграциялашган) ўтказилган олимпиадада умумжамоа ҳисобида 2-ўринни қўлга киритди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар бермоқда.
Жорий йилнинг 10—13 декабрь-кунлари Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида математика, физика ва кимё фанлари бўйича 16 ёшгача бўлган ўқувчилар ўртасида «Истеъдодлиларни тайёрлаш лабараторияси« II халқаро болалар олимпиадасида Бухоро вилояти Қоракўл тумани 1-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Дониёр Исмоилов ва Севара Остонова ҳамда 8-синф ўқувчиси Лазизбек Ражаббоев иштирок этди.
«Истеъдодлиларни тайёрлаш лабараторияси» II халқаро болалар олимпиадасида 12 та давлатдан 112 нафар ўқувчилар қатнашди.
Мазкур халқаро олимпиадада ўқувчилар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кўмагида иштирок этди. Ушбу олимпиадада ўзбекистонлик ўқувчилар илк маротаба иштирок этишаётган бўлишларига қарамай, математика ва физика фанларидан ғолибликни қўлга киритиб умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади.
Олимпиада иштирокчилари 15 декабрь кунига қадар Боку шаҳрида дастур доирасида саёҳатларда иштирок этиб, 16 декабрь куни Ўзбекистонга қайтади.
Изоҳ (0)