Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров дарслик чиқарадиган илмий-текшириш институти ташкил этилишини айтиб ўтди. Бу ҳақда у 12 декабрь куни «Тараққиёт стратегияси» марказида ОАВ учун ташкил этган анжуманда маълум қилди, деб ёзади Turon24.
Алишер Умаровнинг таъкидлашича, ҳозирги мактаб дарсликларида мавзуларнинг такрорланиши, бир фандан тўртталаб китоблар ўқитилиши каби муаммо ва хатоликлар кузатилаётгани дарсликлар чиқарадиган илмий-текшириш институтини ташкил этишга жиддий сабаб бўлган.
Шунингдек, Умаров эндиликда қардош тилларда чиқарилаётган дарсликларнинг ижара нархи ўзбек тилида нашр этилаётган ижара нархи билан бир хилда бўлишини ҳам таъкидлади.
Анжуманда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда умумтаълим мактабларини тамомлаган ўқувчиларнинг ҳаммасида ҳам олий ўқув юртига кириш имкони йўқлигини, шу сабаб, касб-ҳунар ўргатиш тизимини жиддий йўлга қўйиш лозимлигини айтди. «Оддий чилангар ҳам шу кунларда камёб бўлиб қолган, одамларнинг онгида институт дипломи бўлса, ҳаммаси яхши бўлади, деган тушунча ўзини оқламаётгани кўп ҳолларда билиниб қолмоқда», — дея таъкидлади у.
Жорий йилнинг 2 ноябрида Ўзбекистон президенти Халқ таълими вазирлиги билан учрашув ўтказган. Учрашувда дарслик чиқарадиган илмий-текшириш институтини ташкил этиш таклифи президент томонидан маъқулланган.
Изоҳ (0)