Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги малака ошириш институти бошлиғи Абдураҳмон Пардиев ички ишлар ходимларининг малака ошириши соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳақидаги мақоласини «Дарё»га тақдим этди. Қуйида мақола тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этилади.

Фото: ИИВ матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор ҳужжатларида ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими ҳозирги талабларга жавоб бермаслиги, тизимни тубдан қайта кўриб чиқиш ҳамда янада такомиллаштириш, шунингдек ходимларни, шу жумладан уларни хизмат фаолиятидан ажратмаган ҳолда ўқитиш ва доимий малакасини ошириб боришнинг ички ишлар органлари кадрлар салоҳиятини оширишга имкон берадиган сифат жиҳатдан янги тизимини ташкил этиш вазифаси белгилаб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 августдаги ПҚ-3919-сон «Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан янги тузилма, «Малака ошириш институти» ташкил этилди.

Бу сўзсиз Ички ишлар вазирлиги тизимида муҳим воқеа бўлди. Чунки Ички ишлар органлари ходимларининг тизимли ва доимий равишда малакасини ошириш имкониятини яратиб берувчи мутлоқ янги тизимини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Малака ошириш институти мустақил таълим муассасаси сифатида ички ишлар органлари офицерлар таркибидаги, шу жумладан барча тоифадаги рахбар ходимларнинг малакасини ошириш билан боғлиқ ўқув фаолиятни олиб бориши белгиланди.

Фото: ИИВ матбуот хизмати

Шунингдек, жойларда ходимларни хизматдан ажратмаган ҳолда малакаларини ошириш учун Ички ишлар вазирлигининг барча академик лицейларида Малака ошириш институтининг филиаллари (аудиториялари) ташкил этилмоқда.

Шу билан бирга, ўқув жараёнига ўқитишнинг замонавий шакл ва усулларини, янги педагогик ва ахборот-коммуникацион технологияларни, шу жумладан ситуацион машғулотларни, масофадан ўқитиш тизимини жорий этиш таъминланмоқда. Бунда ўқув жараёни «Модул тизими» асосида ташкил этилиб, уни ягона мақсадга йўналтирган ҳолда лойиҳалаштириш ҳамда кафолатланган натижаларга эришишга қаратилган. Барча ўқув машғулотлари амалий йўналтирилиб, интерфаол методлар ва замонавий инновацион педагогик ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаган ҳолда ўтказилади.

Ўқув жараёнида анъанавий таълим билан биргаликда таълимнинг ноанъанавий турлари, масофадан ўқитиш ва жойларда сайёр ўқув йиғинлари ташкил этилиши, тингловчиларни масофадан ўқитиш он-лайн (видео маърузалар, маслаҳатлар, назорат турларини масофадан туриб реал вақт режимида ўтказиш) ва офф-лайн (масофавий таълим тизимидаги тегишли ўқув-методик ресурсларни мустақил равишда ўзлаштириш) шаклида амалга ошириш тартиби белгиланди. Сайёр ўқув йиғинлари эса хизматдан ажратмаган ҳолда худудий бўлинмалар ходимлари, шу жумладан барча тоифадаги раҳбарлар билан филиалларда ўтказилиши режалаштирилган. Бу эса, ходимларга малака ошириш учун қулайлик яратиб, вақтнинг тежалишини ва бундай тадбирларга йўналтирилган сарф-харажатларнинг сезиларли даражада қисқаришини таъминлайди.

Ўқув жараёнини сифатли лойиҳалаштиришни таъминлаш учун ўқув дастурлари мутахассисликдан келиб чиқиб, блок-модуллар доирасида ички ишлар органлари фаолиятини ташкиллаштириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга қарши курашиш, бу борадаги самарадорликни оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар, муаммолари ва уларни бартараф этиш юзасидан таклиф ҳамда тавсияларни инобатга олиб ИИВнинг тегишли соҳавий хизматлари билан ҳамколикда ишлаб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, профессор-ўқитувчилар билан ички ишлар органларида кунлик, ҳафталик, ойлик амалиёт ва стажировка ўташлари, малака ошириш курсларида қатнашишлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Илмий-тадқиқот ишларини тўғри ташкиллаштириш натижасида, шубҳасиз ўқув жараёнининг сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Шу сабабли ички ишлар органлари фаолиятида, биринчи навбатда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тезкор-қидирув фаолияти ва жиноятларни тергов қилиш соҳасида мавжуд бўлган муаммолар бўйича фундаментал ва амалиётга йўналтирилган илмий тадқиқотлар ўтказилиши белгиланди.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Малака ошириш институти ташкил этилиши нафақат оддий ходимларни, балким рахбарларни ҳам хизматдан ажратмаган ҳолда тўлиқ таркибда малака оширишларини, амалиётдаги янгилик ва илғор тажрибаларни тезкорлик билан етказиш имкониятини яратади.

Бугунги кунда, илк маротаба Малака ошириш институтининг жойлардаги филиалларида (аудиторияларида) туман-шаҳар ички ишлар бошқарма (бўлим)лари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек эксперт-криминалистика хизмати ходимларининг малакасини ошириш ўқув йиғинларини ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда.