Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Ойбек Норинбоев Тара Шарофудин бошчилигидаги Жаҳон банки вакилларини қабул қилди. Бу ҳақда «Дарё»га вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Тара Шарофудин миссиянинг асосий мақсади ҳақида гапириб берди. Бу JSDF (Япония ижтимоий ривожланиш жамғармаси) гранти орқали молиялаштирилиши таклиф этилаётган қишлоқ аёлларининг иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш бўйича пилот лойиҳасини ишлаб чиқиш учун маслаҳат учрашувлари уюштиришдир.
Маслаҳат учрашувлари Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида асосий манфаатдор томонлар, жумладан, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, ҳокимликлар, илмий-ишлаб чиқариш муассасалари ва қишлоқ аёллари вакиллари иштирокида бўлиб ўтади.
Шунингдек, делегация аъзолари Ҳиндистон ва Озарбайжон мисолида «Ақлли қишлоқ» лойиҳаси тўғрисида сўзлаб берди. Ҳиндистонда бу лойиҳа Microsoft компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилган бўлиб, унинг доирасида қишлоқлар интернет, уяли алоқага уланган, ижтимоий масалалар ҳал қилинган.
Озарбайжонда эса лойиҳани Жаҳон банки молиялаштирган бўлиб, унда тадбиркорлик учун маҳаллий дастур ишлаб чиқилган, қишлоқ аёллари ўз тадбиркорлик фаолиятлари борасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиши учун имконият берадиган бизнес-инкубатор яратилган. Мазкур лойиҳалар Ўзбекистон шароитида жорий этиш учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкинлиги таъкидланди.
Учрашув натижаларига кўра, томонлар Ўзбекистонда ҳам «Ақлли қишлоқ» лойиҳасини жорий қилиш масалаларини муҳокама қилди.
Изоҳ (0)