Жорий йилнинг 25 ноябридан – 25 декабрига қадар республикада «Куз-қиш мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ойлиги» бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилишича, мазкур ойлик ис гази ҳамда қаровсиз қолдирилган ҳайвонлардан қутуриш касаллиги юқишининг олдини олишга қаратилган. Олинган маълумотларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатлари кўпроқ кузатилмоқда. Сабаби қишки мавсум бошланиши билан фуқаролар хонадонларни иситиш масаласида ҳар доим ҳам қоидага риоя этишавермайди.
Таҳлил натижасига кўра ис газидан заҳарланишнинг асосий сабабларини қўлбола иситиш воситаларидан фойдаланиш, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаслик, сертификатланмаган хорижий иситиш мосламаларидан фойдаланиш, болаларни қаровсиз қолдириш, ёпиқ биноларда кўмир ва ўтинларни ёқиш ҳамда носоз ўрнатилган мўрикон кабилар ташкил этмоқда.
Ойлик давомида ва кейинчалик саволлар, фикрлар ва таклифлар ҳамда эътирозлар учун Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ўзининг «Тезкор рақами»ни ишга туширди. (71) 245-90-50 ёки 1050 қисқа рақамига тун-у кун мурожаат қилишингиз ва малакали мутахассислардан керакли ёрдам ва маслаҳатни олишингиз мумкин.
Изоҳ (0)