Пенсионерлар Тошкент метрополитени хизматидан ҳар куни соат 10:00 дан 16:00га қадар бепул фойдаланади. Имтиёз учун нега ушбу вақт оралиқлари танлангани ҳақида мутахассис маълумот берди, деб хабар беради ЎзА.
«Бир нарсани унутмаслигимиз керак, ушбу имтиёз фақат қариялар учун эмас, пенсия гувоҳномасига эга бўлган мамлакатимизнинг барча фуқаролари учун. Яратилаётган имтиёздан ногиронлиги мавжуд бўлган кишилар ва кексаларимиз фойдаланиб келмоқда. Белгиланган вақтга изоҳ берадиган бўлсак, аввало, кексаларимизнинг энг кўп кўчага чиқиш ҳоллари ҳисобга олинган. Яна бир томони метрополитенимизда 7 дан 9 гача тирбандлик вақти ҳисобланади. Бу пайтда кимдир ишга, кимдир ўқишга боради, кечки пайт эса қайтишади. Мана шуларни инобатга олган ҳолда пенсионерларимизни навбат кутиб қолмасликлари учун бироз одам кам бўладиган 10:00 дан 16:00 вақтлари белгиланган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 мартдаги Тошкент метрополитенида пенсионерларни бепул ташиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган. Бугунги кунда хизматидан имтиёзли фойдаланишининг ҳуқуқий асоси таминланган. Унга мувофиқ, метрополитен кассаси операторига пенсия гувоҳномаси кўрсатилгандан кейин бир марталик махсус жетон тақдим этилади. Мазкур жетон билан пенсионер алоҳида ажратилган турникетдан ўтади», – дейди «Тошкент метрополитени» унитар корхонаси ҳаракат хизматининг тижорат ишлари бўйича бошлиқ ўринбосари Элмурод Валиев.
Маълумот учун, 2017 йилнинг 15 мартидан бошлаб пенсионерлар Тошкент метрополитени хизматидан ҳар куни соат 10:00дан 16:00га қадар бепул фойдаланиб келмоқда.
Изоҳ (0)