Наманган вилоятининг Уйчи туманида халқ таълими ходимларини пахта теримига жалб этиш ҳолати олди олинди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Уйчи тумани ҳокими халқ таълими бўлими мудиридан Тошкент вилоятига бир нафардан мактабларнинг мавсумий ишчиларини пахта теримига юборишни талаб қилган.
Шунда ҳоким туманнинг барча мактаб директорларини тўплаб беришни ва улар билан суҳбатлашишини айтган. Мактаб директорлари билан учрашув давомида туман ҳокими пахта теримига бир нафардан ходим таъминлаб бериш юзасидан топшириқ берган.
Вазирлик матбуот хизмати туман халқ таълими бўлими мудири Ш.Муродов мактаб раҳбарларига ҳоким топшириғини бажармаслик юзасидан кўрсатма бериб, халқ таълими ходимларини пахта терими жараёнига жалб этиш ҳолатини олдини олганини билдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил август ойида Уйчи туманида хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараганлиги учун «тўртлик» ишдан олинган ҳамда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Муҳаммадаюбхўжа Апақов туман ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.
Изоҳ (0)