Ўзбекистон ҳукумати қолипли нон (буханка)ни Нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли товарлар (хизматлар) ва уларнинг стратегик турлари рўйхатидан чиқариб ташлаш ниятида. Бу 25 октябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ҳукумат қарори лойиҳасида кўзда тутилган.
«Агар ушбу қарор қабул қилинадиган бўлса, у ҳолда давлат нон нархини тартибга солишни расман тўхтатади», — деб ёзади «Podrobno.uz».
Эслатиб ўтамиз, 15 сентябрдан Ўзбекистонда буханка нон нархи 650 сўмдан бирдан икки баробарга — 1200 сўмгача ошди. Шундан сўнг кейинги бир неча кунлар давомида унинг нархи 1050 сўмгача туширилди. Буханка нон нархининг бундай ўзгариши 15 сентябрдан бошлаб мамлакатда қолипли нон талаб ва таклиф асосида шаклланадиган эркин бозор нархида сотила бошлангани билан боғлиқ.
Нархларнинг кескин ўзгариб кетмаслиги учун 15 сентябрдан 1-нав буғдой уни учун ягона улгуржи нарх белгиланган. Кейинроқ, мамлакат нон сотишнинг янги тартибига мослашиб улгурганидан сўнг, ун ҳам бозор нархида сотувга чиқарилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, Нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли товарлар (хизматлар) ва уларнинг стратегик турлари рўйхати бугунги кунда 21 банддан иборат бўлиб, улар орасида ун, пахта ёғи, ижтимоий муҳим дори воситалари ва тиббий буюмлар, бензин, дон, ўғитлар, кўмир кабилар бор.
Изоҳ (0)