Халқ депутатлари Андижон вилояти Хонобод шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида маҳалла ва оилалардаги ижтимоий-маънавий аҳволни ҳамда фуқароларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш натижалари муҳокама қилинди. Тадбирда депутатлар, ҳокимлик, давлат бошқаруви органлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди, деб ёзади ЎзА.
Хонобод шаҳрида 2018 йилда аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастурига мувофиқ, 477 та иш ўрни ташкил этилгани, 2018—2019 йилларда қўшимча 827 та янги иш ўрни яратиш бўйича дастур ишлаб чиқилгани қайд этилди.
2018–2019 йилларда ишлаб чиқариш ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 21 миллион 634 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестицияларни жалб қилиш тўғрисидаги топшириқ ижроси хусусида сўз юритилди.
Шаҳарда жами 68 та бўш турган бино, қурилиши тугалланмаган объект ва фойдаланилмаётган ер майдони мавжудлиги аниқланиб, улардан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Шаҳарни ободонлаштириш, кўчаларни замонавий қиёфага келтириш, туризмни ривожлантириш, ичимлик суви тармоғи ҳамда шаҳар маданият ва истироҳат боғини реконструкция қилиш, 39 километрлик ички йўлларни таъмирлаш, дам олиш масканлари, сиҳатгоҳлар, меҳмонхоналар қурилишини жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, коммунал хизмат кўрсатиш, жумладан, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шаҳардаги 86 та кўп қаватли уй инфратузилмаси, аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, кўмир омборхонасини қуриш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Республика ишчи гуруҳи томонидан шаҳардаги 14 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 8 мингдан ортиқ хонадон ҳамда ижтимоий ва бошқа объектларда 617 муаммо аниқланган. Уларнинг 491 таси ёки 79,5 фоизи жойида ҳал этилган.
Республика ишчи гуруҳи кўмаги билан Тейит маҳалласи кўчаларига 4,4 километр, Хидирша маҳалласи ҳудудида 1,8 километр узунликда ичимлик суви тармоғи тортилди.
Мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, оилавий поликлиника ва бошқа ижтимоий соҳа объектларидаги муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш, инфратузилмасини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Табиий газ, газ баллони, кўмир таъминоти, уй-жой, соғлиқни сақлаш, бандлик ва бошқа йўналишларда аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича секторлар раҳбарларига топшириқлар берилди.
Сессияда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Изоҳ (0)