Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти марказий кенгаши раҳбарияти томонидан Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти музейига қадимги ва ўрта асрларга доир кулолчилик намуналари, I ва II жаҳон урушларида фойдаланилган қурол-яроғ нусхалари ҳамда рассом Раҳим Ризамуҳамедов томонидан яратилган тарихий жанрдаги рангтасвир асарлари ҳадя этилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
«Ёшларни тарихга нисбатан ҳурмат ҳиссида тарбиялаш ва уларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда мазкур буюмлардан кенг фойдаланмоқчимиз. Ўзбек халқининг миллий ҳунармандчилиги акс этган сопол буюмлар мозий маданиятидан сўзласа, тош қуроллардан мудофаада фойдаланилган тўпларнинг ядро тошлари ҳарбий санъатнинг келиб чиқиши ҳақида гапиради», дейди билим юрти бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари подполковник Акром Шохакимов.
Яқинда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг тарихий музейи қайта таъмирдан чиқди, экспозицияси замонавий музей талаблари асосида янгиланиш арафасида. Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти томонидан музейга тақдим этилган буюмлар эса келгуси авлод учун муносиб мерос бўлиши шубҳасиз.
Эслатиб ўтамиз, 16 ноябрь — Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ташкил топган кун ҳисобланади.
Изоҳ (0)