Бухоро вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари томонидан олиб борилган тезкор тадбир натижасида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилмоқда. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда, деб ёзади ЎзА.
Тадбир давомида Бухоро шаҳри Навоий шоҳ кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган Captiva русумли автомашина шубҳа уйғотганлиги сабабли тўхтатилганда автомашина ҳайдовчиси Қ.Ш. машинадан қора целлофан бўлакларини йўл ёқасига ташлаб қочишга уринган. Бироқ тезкор гуруҳ вакиллари томонидан ҳайдовчи қисқа фурсатда қўлга олинган.
Фуқаро Қ.Ш. ташлаб қочишга уринган целлофан пакетларидаги гугурт қутиларида яшил рангли ўткир ўзига хос ҳидли қуритиб майдаланган ҳолдаги ўсимликсимон моддалар бўлиб, улар экспертиза хулосаларига кўра, умумий оғирлиги салкам 15 граммга тенг бўлган марихуана гиёҳвандлик воситаси эканлиги ўз тасдиғини топди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Қ.Ш.га нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Изоҳ (0)