Марказий Осиё ёшларининг дўстлик форуми иштирокчилари учун минтақада ягона ҳисобланган Термиз археология музейига экскурсия уюштирилди. Бу ҳақда «Дарё»га Ёшлар медиа маркази маълум қилди.
Шунингдек, ёшлар Термиз туманидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида ҳам бўлди. Айни вақтда марказда 122 нафар афғонистонлик таълим олмоқда. Ушбу ташриф афғонистонлик ёшларнинг тенгдошлари билан ўзаро фикр алмашиши, турли мавзуларда мулоқотга киришишида айни муддао бўлди.
— Очиғи, бу таълим маркази бизни лол қолдирди. Марказда яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналари, турли тўгараклар – барчаси энг замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Афғонистонлик тенгдошларимизнинг қилган ишлари, яратган санъат асарлари эса бизни янада ҳайратлантирди. Бу таълим маркази мамлакатда қардош миллат вакилларига кўрсатилган ҳурматнинг яққол намунасидир, — дейди қозоғистонлик Бўлатбек Уалихан.
Тадбир иштирокчилари учун «Исломхўжа» фильмининг намойиши ҳам ташкил этилди.
Форум доирасида Марказий Осиё ёшлари ўртасида архитектура, экология, фан ва таълим йўналишлари бўйича илмий-амалий конференциялар ташкил этилмоқда. Анжуманларда ҳар бир давлат вакили ўзи тайёрлаб келган махсус тақдимот билан иштирок этмоқда.
Изоҳ (0)