Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Миср бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад Таййиб бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази мутасаддилари иштирок этди.
Миср бош имоми Ўзбекистонда ислом дунёсида машҳур кўплаб олиму уламолар етишиб чиққанини, мазкур таълим даргоҳи талабалари буюк аждодларимиз ишларининг давомчиси эканини таъкидлади.
Учрашувда мамлакатлар ўртасида диний-маърифий соҳада ҳамкорликни кенгайтириш, ўқитувчилар тажрибасини ошириш, кадрлар алмашувини йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Ислом динидаги долзарб масалаларни давра суҳбатлари, семинарлар ва конференциялар ташкил этиш орқали илмий жиҳатдан таҳлил қилиш бўйича келишиб олинди. Шайх Аҳмад Муҳаммад Таййибга Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг фахрий профессори унвони берилди.
Тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан Ал-Азҳар университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланди.
Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев билан суҳбатда Миср бош имомининг Ўзбекистонга ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги фаол мулоқотнинг мантиқий давоми сифатида мамлакатларнинг дўстона ва ишонч руҳидаги алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Томонлар Ўзбекистон билан Миср ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини бундан буён ҳам мустаҳкамлашга тайёр эканини билдирди.
Изоҳ (0)