Жорий йил 24 сентябрь куни фуқаро Ч.Н. Ички ишлар вазирлигига тамагирлик ҳолати юзасидан ариза билан мурожаат қилди. Бу ҳақда ИИВ жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар бермоқда.
Унда Тошкент давлат юридик университети талабаси «Р» ва ўзини Меҳнат вазирлигининг юқори лавозимида ишловчи раҳбар ходими деб таништирган «Х» исмли шахс унинг икки танишини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарлари орқали Тошкент автомобиль йўллари коллежига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3000 АҚШ доллари беришни талаб қилаётгани маълум қилинган.
Ариза асосида шу куни ИИВ тезкор ходимлари томонидан Юнусобод туманида ўтказилган тадбир давомида Тошкент давлат юридик университетининг 4-босқич талабаси Ж.Р. ариза муаллифи Ч.Н.дан 3000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ж.Р. ушбу пуллардан 1000 АҚШ долларини ўзига улуш сифатида олиб қолиб, қолган 2000 АҚШ долларини ўқишга жойлаштириш масаласини ҳал этиш учун «Х» исмли шеригига бериши лозим бўлганлигини кўрсатганлиги сабабли тезкор тадбир давом эттирилди. Натижада 27-сентябр куни Миллий университетнинг 2-босқич талабаси Х.Х. ҳамда ушбу университетининг ижтимоий фанлар факультети катта ўқитувчиси лавозимида ишловчи Х.С. 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ушбу ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан Ж.Р., Х.Х. ва Х.С. нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, улар эҳтиёт чораси тариқасида қамоққа олинган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)