Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифи муносабати билан Президент матбуот котиби Комил Алламжонов ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказди.
Алламжоновга кўра, давлат ташрифининг асосий тадбирлари 1 октябрга мўлжалланган. Шавкат Мирзиёев ва рафиқасини тантанали кутиб олиш маросими Ҳиндистон президентининг «Раштрапати Бхаван» саройида бўлиб ўтади.
Президент шу ерда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ОАВлари учун қисқа баёнот бериши ҳам кўзда тутилган.
Ҳайдаробод саройида Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳамда ҳукумат аъзолари билан тор ва кенг доирадаги музокаралари бўлиб ўтади. Улар якунида Ўзбекистон Президенти ва Ҳиндистон бош вазирининг қўшма баёноти қабул қилиниши режалаштирилган.
Ўзига ажратилган қароргоҳда давлат раҳбари Ҳиндистон вице-президенти, Сенат раиси Венкаях Найда ҳамда ташқи ишлар вазири Сушма Свараж билан учрашувлар ўтказади, томонларни қизиқтирган долзарб масалалар муҳокама қилинади.
Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон президенти Рам Натҳ Ковинднинг учрашувида икки томонлама шерикликнинг долзарб йўналишлари юзасидан фикр алмашилади. Давлат раҳбари шарафига тантанали қабул ташкил этилади.
Бош вазир ўринбосари Суҳроб Холмуродовнинг Президентга берган ҳисоботида билдирилишича, ташриф якунида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро қатор ҳужжатлар, шунингдек, умумий қиймати 3 миллиард АҚШ долларидан зиёд қийматдаги шартномалар имзоланиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)