Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 15 сентябрдаги 302-LS сонли буйруғига асосан Одилбек Исоқов молия вазирининг маслаҳатчиси, молия вазирлигининг давлат суверен, корпоратив (банк) қарз мажбуриятлари ва давлат қарзи бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди, деб хабар беради вазирлик ахборот хизмати.
«Хорижда фаолият юритаётган Ўзбекистонлик мутахассислар, айниқса мен каби Буюк Келажак халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти экспертлари учун юртимизнинг илдам қадамлар билан дунёга очилаётгани жуда қувонарлидир. Ватанимиз равнақи йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида иштирок эта олиш ҳуқуқи менга тақдим этилганлигидан жуда хурсандман.
Ўзининг мустақил Халқаро кредит рейтингини олиш ва жаҳон молия бозорида илк суверен Эвробондини чиқариш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинган қарор – бу чин маънода тарихий қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди. Мазкур қадамимиз ватанимизнинг иқтисодий ва инвестицион салоҳиятини бутун дунёга очиқлигини кўрсатиб, ислоҳотларни эса фискал ва монетар интизом билан давом эттиришга ундайди деб ўйлайман.
Бу борада, давлат қарзини самарали бошқаришни ташкил этиш маъсулияти менга ишониб топширилган экан, мен бу ишонч учун давлатимиз ва молия вазирлиги раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Сўзим сўнгида, хориждаги малакали ҳамюртларимизни Ўзбекистонга чорлаб қоламан!», – дейди Одилбек Исоқов.
Маълумот учун, Одилбек Исоқов 1981 йилда туғилган, маълумоти олий, 1998—2000 йилларда Жаҳон Иқтисодиёти ва дипломатия университетида таҳсил олган.
Буюк Британиядаги Манчестер Метрополитан университетининг Бизнес иқтисодиёти бўйича бакалаври (BA in Business Economics), Стратклайд университетининг Молия бўйича магистр (MSc in Financ) даражаларига ҳамда малакали молиявий таҳлилчи (CFA - Chartered Finance Analyst) квалификациясига эга.
Изоҳ (0)