Наманган муҳандислик-технология институтига янги ўқув йили бошида АҚШдаги нуфузли олий таълим муассасаларидан таклиф этилган икки нафар малакали мутахассис дарс беришни бошлади. Бу ҳақда «Дарё»га олий ўқув юрти матбуот хизмати маълум қилди.
Техас халқаро таълим маркази профессори Рави Прокаш Дани институтнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш йўналиши талабалари учун «Ўсимликшунослик ва пахтачилик» фанидан 40 соатлик дарс машғулотларини олиб бормоқда. Олим аграр соҳа профессор-ўқитувчилари учун ўз тажрибаларидан келиб чиқиб маҳорат сабоқлари ҳам ўтиб берди.
Дарс машғулотлари билан биргаликда АҚШ ва Ҳиндистоннинг етакчи таълим муассасалари ҳамда институт ўртасида видео-конференция ҳам ўтказилиб, ўзаро тажриба ва фикрлар алмашилди.
Шунингдек, АҚШнинг Колумбия университетидан таклиф этилган эксперт-ўқитувчи Бенжамин Аренстейн йил давомида институт талабаларига инглиз тилидан сабоқ беради ва профессор-ўқитувчилар учун мастер-класслар ташкил этиб боради.
Маълумот учун, жорий йил давомида Наманган муҳандислик-технология институтига Малайзия, Россия, Жанубий Корея, Португалия каби давлатлардаги етакчи олий таълим муассалари ва илмий-тадқиқот марказларидан ўнлаб олим ташриф буюрди.
Изоҳ (0)