Самарқанд халқаро аэропортига Внуково-Самарқанд авиарейси бўйича парвозини якунлаган фуқаро О.Ж. божхона назоратидан «яшил» йўлак орқали ўтаётиб, сумка ичида 25 та конвалютада бўлган жами 250 дона «Феназепам» номли таблеткани ўтказишга уринган. Бу ҳақида «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар берди.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати маълумотига кўра, ушбу 250 дона «Феназепам» таблеткаси Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши чекланган психотроп моддаларнинг рўйхатига киритилган.
Айни пайтда мазкур ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 июндаги 191-сон қарори билан тасдиқланган «Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ҳамда олиб чиқиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун таркибида психотроп моддалар бўлган дори воситаларни турли номдаги 5 тагача ва улардан ҳар бирининг иккитадан ортиқ бўлмаган ўрамини даволаш курси доирасида олиб кириш ва олиб чиқишда рухсат берилиши кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, ушбу қарорга кўра, ўтказиш пунктларида божхона чегарасини кесиб ўтишда жисмоний шахслар уларда психотроп моддалар борлигини декларацияда қайд этиши шарт.
Изоҳ (0)