Шу кунларда Ўзбекистон тарихи давлат музейи Чикаго университети қошидаги Шарқшунослик институти билан ҳамкорликда, АҚШ Давлат департаменти кўмагида Марказий Осиёнинг артефактларни асраб-авайлаш бўйича мутахассислари учун ташкил этган икки ҳафталик семинар давом этмоқда. Бу ҳақда тарих музейи маъмурияти «Дарё» га хабар берди.
Давлат музейи директори Жаннат Исмоилова ва директор ўринбосари Отабек Орифжонов Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон миллий музейларидан келган мутахассислар, шунингдек, Самарқанддаги Афросиёб музейи, Савиский номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи, Термиз археология музейи ва Ўзбекистон Маданият вазирлиги маданий меросни муҳофаза қилиш бўлими вакилларини илиқ кутиб олди.
Семинарни Марказий Осиё маданий меросини ўрганувчи АҚШдаги етакчи муассаса саналган Чикаго университети қошидаги Шарқшунослик институти ходимлари, профессорлар Гил Стейн ва Фабио Коломбо олиб бормоқда.
Семинар лой ва металл буюмларни қайта ишлашга оид халқаро андоза ва усуллар ҳамда Марказий Осиё республикалари музейларидаги экспонатларнинг катта қисмини ташкил этувчи девор суратлари ва бошқа осори-атиқалар каби мавзуларни ўз ичига олган.
Машғулотлар расман 3 сентябрь куни бошланди. 2019—2020 йилларда ҳам бундай машғулотлар ўтказиш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)