Россиянинг «TNT» телеканалида «Танси» шоусида тошкентлик Сабина Шарипова ўз шериги билан ижро этган рақси билан ҳакамларни ҳайратда қолдириб, кейинги босқичга ўтиш имкониятни қўлга киритди, деб ёзади Sputnik.
«Мен лойиҳада ҳаммага бу йўналишда қандай ютуқларга эришиш мумкинлигини кўрсатиш мақсадида оммавий рақс тури бўйича малакамни намойиш қилишга ҳаракат қилдим. Бунинг учун ушбу рақс тури билан болаликдан шуғулланишни бошлаш шарт эмас», — деди Сабина эфирда.
Сабина ва унинг шериги Михаил Журавель ҳакамлардан шоуда кейинги босқичга ўтганлигини эшитди. Бу билан улар рақс шоусининг топ-100 талигига ўтди. Келгусида рақс усталари Мигель, Егор Дружинин ва Татьяна Денисова жамоасидан бирида ўрин олиш мақсадида ҳаракат қилиб, бир неча танлов босқичларидан ўтиши зарур бўлади.
Телелойиҳа ғолибига 3 миллион рубль совға қилинади.
Сабина Шарипова 26 ёшда. У рақс танловида Тошкент номидан иштирок этмоқда. Ҳозир у Москвада яшайди ва ишлайди. Турли студияларда «Бачата» рақс турини ўргатиш билан шуғулланади. Шу билан бирга, шериги билан бирга турли рақс танловларида иштирок этиб келади. Масалан, шу йил августда улар World Bachata Masters Russia чемпионатида ғалабани қўлга киритди.
Изоҳ (0)