Ўзбекистон Республикаси Президенти «Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарор имзолади. Ҳужжат матнини ЎзА келтириб ўтди.
Қарор фаолият кўрсатмаётган ва фойдаланилмасдан турган объектлар мулкдорлари, барча даражадаги раҳбарларнинг мазкур объектлардан оқилона ва мақсадли фойдаланилиши бўйича масъулиятини кучайтириш, шунингдек, корхоналарни фаол хўжалик фаолиятига жалб этиш ҳамда шу асосда янги иш ўринларини яратиш мақсадида қабул қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар даражасида фойдаланилмаётган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича намунавий таркибдаги идоралараро комиссиялар тузилди.
2018 йил 15 сентябрдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:
а) давлат мулки бўлган фойдаланилмаётган объектлар ўрнатилган тартибда сотилади, давлат-хусусий шериклик асосида, шу жумладан, ижарага берилади;
б) фойдаланилмаётган объектлар мулкдорлари – юридик шахсларга қуйидаги таъсир чоралари қўлланилади:
соддалаштирилган солиққа тортиш тартибидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни умумбелгиланган тартибда тўлашга ўтказиш;
мол-мулк ва ер солиқларини икки карра миқдорда тўлаш, 6 ой ўтгандан сўнг – беш карра, 12 ой ўтгандан сўнг ва кейинчалик – ўрнатилган ставкага нисбатан ўн карра миқдорда тўлашга ўтказиш;
қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган солиқ имтиёзлари ва преференциялар амал қилишини тўхтатиш.
Изоҳ (0)