Янги ўқув йили Навоий вилояти Кармана туманидаги «Кумушкон» маҳалласи ёшларига бир олам қувонч олиб келди. Энди улар барча шароитларга эга, зарур инвентарлар билан тўлиқ таъминланган янги 32-умумтаълим мактабида таҳсил олади, деб ёзмоқда ЎзА.
Таълим муассасасининг очилиш маросимида туман ҳокими Ф. Умаров ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Н. Улуғбердиев бугунги кунда ёш авлоднинг баркамол улғайиши, билим олиши ва соғлом вояга этиши учун яратилган имкониятлар, вилоят ёшлари эришаётган ютуқлар ва таълим соҳасидаги ислоҳотлар хусусида тўхталди.
Мактаб биноси «Алмаз» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан қисқа фурсатда бунёд этилди. 3,4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган муассасада ўқув жараёни икки сменада ташкил этилди. Айни пайтда бу ерда 430 нафар ўқувчи таълим олмоқда.
Айтиш жоизки, Навоий вилоятидаги 355 та умумтаълим мактаби тўлиқ таъмирланиб, янги ўқув йилига тайёр ҳолатда фаолият бошлади. Замонавий қиёфа касб этган, кенг ва шинам синф хоналари таълим сифати, иш унумининг оширилишига хизмат қилмоқда.
Шунингдек, Учқудуқ туманидаги 5-умумтаълим мактаби биноси ҳам янгидан барпо этилди. 216 ўринга мўлжалланган муассасанинг қурилишига 4,9 миллиард сўм маблағ сарф қилинди.
Изоҳ (0)