Қуролли Кучлар академиясида янги ўқув йили бошланишига бағишланган анжуман – видео-онлайн очиқ дарс тарзида вазирликнинг барча олий ҳарбий таълим муассасаларини боғлаб берди. Унда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов, ҳарбий билим юртлари бошлиқлари, профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар ва курсантлар иштирок этди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Тадбирда мудофаа вазири Қуролли Кучлар академияси ва олий ҳарбий таълим муассасаларида янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан профессор-ўқитувчилар ҳамда тингловчиларга мурожаатини ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг, генерал-майор А.Азизов Ўзбекистонда ва хорижда рўй бераётган ҳарбий-сиёсий вазият, миллий армиянинг жаҳон миқёсида тутган ўрни, ютуқ ва камчиликлар ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, ҳарбий кадрлар тайёрлаш масаласида янгича усуллардан кенг фойдаланган ҳолда ўқув режаларини ишлаб чиқиш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий даражасини ошириш, кутубхоналарни замонавий адабиётлар ва ўқув қўлланмалари билан таъминлаш, курсантларнинг илғор билимларни эгаллашларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, дала-ўқув машғулотларида уларнинг амалий кўникмаларини бойитиб бориш, ҳарбий ихтиро ва инновацион ғояларга кенг йўл очиб бериш, шахсий таркибнинг индивидуал билим ва салоҳиятини янада оширишга қаратилган зарур фикр ва таклифлар билдирилди.
«Мудофаа вазирининг бугунги мурожаати ҳарбий таълим тизимида эндиликда бажарилиши зарур бўлган ишлар кўламини белгилаб берди. Ҳар томонлама профессионал офицер кадрлар тайёрлаш йўлида таълим сифатини янада яхшилаш, ўқув услублари ва воситаларини такомиллаштириш, замонавий ҳарбий илм-фан ва ёндош тегишли адабиётларнинг долзарб масалалари ва муаммоларидан хабардор бўлиш баробарида, уларни қиёсий таҳлил этиш ҳамда шахсий фикрни сайқаллашга қаратилган ўқитиш тизими орқали навқирон офицер кадрларни тайёрлашимиз лозим», – дейди подполковник Даврон Усмонов.
Анжуман олий ҳарбий таълим тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган савол-жавоблар ва фикр-мулоҳазаларга бой бўлди.
Изоҳ (0)