Лола Каримова-Тиллаева ўзбекистонлик рассом Чингиз Аҳмаровга бағишланган «Сўнмас ёғду» китобини тақдим этди. Бу ҳақда у Facebookʼдаги саҳифасида маълум қилди.
Ушбу фундаментал нашрда уста-муаллимнинг ижодий ва ҳаёт йўли очиб берилган. Рассомнинг санъат асарлари намуналари, архив материаллар, шунингдек, замондошлари ва ўқувчилари хотиралари ўрин олган.
«Профессор, санъатшунослик доктори Акбар Ҳакимов муаллифлигидаги мазкур китоб Каримов фондининг лойиҳасидир. Мақсадимиз — кенг жамоатчиликни ХХ аср ўзбек миллий тасвирий санъат тарихи ва услуби билан таништиришдир. Чингиз Аҳмаровнинг ижоди Ўзбекистон миллий маданиятини ривожлантиришда ҳамда бир қатор замондошлари, издошлари ва шогирдларининг ижодий тафаккури шаклланишида катта из қолдирди. Шак-шубҳасиз, Аҳмаровнинг ижоди ҳали нафақат Ўзбекистонда, балки чет элда ҳам юқори баҳоланади», — дея изоҳ беради Лола Каримова-Тиллаева.
Бугунги кунда мазкур китобнинг инглиз тилидаги нусхасини нашр этиш устида иш олиб борилмоқда.
«Сўнмас ёғду» китоби Ўзбекистондаги ўқув юртлари кутубхоналари, бадиий ва ижодий уюшмаларга тарқатилади ҳамда китоб дўконларида сотувга қўйилади.
Изоҳ (0)