Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида "Детство-2018" халқаро болалар кийим-кечаги кўргазмаси ўтказилди. Унда Ўзбекистон корхоналари иштирок этиб, Россия, Қозоғистон ва бошқа хорижий мамлакатларга маҳсулот етказиб бериш бўйича 600 минг долларлик шартномалар имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ўзмиллийбанк қошидаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси амалий кўмагида ташкиллаштирилган миллий кўргазма стендида мамлакат тўқимачилик бозоридаги «Лорат Текстил», «Бултекс Евростар», «Азалиум», «Сантекс», «Колибри Текстиль» каби йирик ишлаб чиқарувчилар иштирок этди. 50 квадрат метрдан ортиқ майдонни эгаллаган миллий кўргазма стендида Ўзбекистон корхоналарининг ва енгил саноатининг улкан салоҳияти ва имкониятлари намойиш этилди.
Эътиборлиси, енгил саноат корхоналарининг мазкур тадбирдаги иштироки ўзбек тўқимачилик маҳсулотларининг ички ва халқаро ҳамкорларнинг узоқ муддатли манфаатларига жавоб берувчи экспорт салоҳиятини ривожлантиришида муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Кўргазма давомида хорижий импорт компаниялари, йирик савдо тармоқлари ҳамда чакана сотувчиларни ўзбек миллий стенди ўзига жалб этди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, йил якунига қадар Ўзмиллийбанк қошидаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси яна бир қатор халқаро тадбирларда маҳаллий тадбиркорлик субъектлари иштирокини таъминлашни мўлжалламоқда.
Ҳозирда Дубай, Истанбул, Пекин, Рига каби дунёнинг йирик шаҳарларида ўтказиладиган халқаро кўргазмаларда миллий павильон ташкил қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)