2018 йил 1 октябрдан Тошкентда автомототранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар томонидан қатъий белгиланган солиқ тўлаш тартиби бекор қилинади, деб ёзади Spot «Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонига таяниб.
Энди ушбу компаниялар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган тартибда ягона солиқ тўлови ёки бошқа умумбелгиланган солиқлар тўлашга ўтказилади.
Ҳужжатга мувофиқ, автомототранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш хизматлари, жойлашувидан қатъи назар, юридик шахслар томонидан автомототранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари солиқ органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш имконини берадиган видеокузатув ва автомототранспорт воситалари кириш ва чиқиш вақтини қайд этиш тизими билан жиҳозланганда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига автомототранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларнинг тушумлари тўлиқлиги устидан тизимли назорат ўрнатиш юклатилди.
Қарорга кўра, энг юқори ижара тўловлари ва инвестиция мажбуриятларини таклиф этган, асосан йўл ҳаракати соҳасида инновация лойиҳаларини амалга оширишда тажрибага эга тадбиркорлик субъектларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлган, шу жумладан, бозорлар ва савдо комплексларига туташ ҳудудларда жойлашган автомобилларни вақтинчалик сақлаш жойларини давлат-хусусий шериклик шартларида 10 йилга қадар муддатга ижарага берилади.
Изоҳ (0)