Тошкент шаҳрида 67 ёшли М.Наргиза ва унинг 40 ёшли қизига пичоқ билан жароҳат етказиш иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Наргизанинг турмуш ўртоғи — 70 ёшли М.Содиқжон ушбу жиноятни содир этганликда айбланмоқда.
Жабрланувчиларнинг сўзларига кўра, шу йилнинг 3 август куни Содиқжон маст ҳолда уйга келиб, жанжал кўтарган. Бунинг оқибатида пичоқ билан аввал рафиқасига, кейин онасини ҳимоя қилмоқчи бўлган қизига зарба берган. Она ва бола шифохона ётқизилди. Шифокорларнинг сўзларига кўра, уларнинг аҳволи қониқарли даражада.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Суд айбланувчига нисбатан ўғилнинг кафиллигини инобатга олиб, қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чорасини қўллади.
Суриштирув ва тергов жараёнида ушбу оилада содир бўлган жиноятнинг асл сабабларини аниқлаш ва бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги чоралари кўрилади.