Миллий матбуот марказида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг томорқачиликка бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижрочи директори Тўлқин Сатторов мамлакатда деҳқонларнинг меҳнатини рағбатлантириш, уларга иқтисодий кўмак бериш, фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида ташкил этилган жамғарманинг асосий фаолияти томорқа ер эгаларига агротехника ва ветеринария билан боғлиқ комплекс хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш, хонадонларда томорқа маданиятини шакллантириш орқали томорқани ривожлантириш, кўрилаётган даромадни 2 баробарга ошириш каби мақсадларга йўналтирилган.
Айни пайтда Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалигига ихтисослашган туманларида 161 та «Томорқа хизмати» корхоналари ташкил этилди. Ҳозирги вақтгача жамғарма ҳисобига 200 миллиард сўм маблағ жалб этилган. Мамлакатимиздаги бир қатор тижорат банклари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди, бунинг натижасида мамлакатдаги деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари ўзларининг хўжаликларини ривожлантириш учун паст фоизли кредитлар билан таъминланиш имконига эга бўлди.
Бугунги кунгача Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг тавсиясига кўра, айланма маблағларга муҳтож ва самарали фаолият кўрсатаётган 40 та, жумладан, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида 5 тадан, Навоий, Наманган, Фарғона вилоятларида 4 тадан, Андижон, Қашқадарё, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида 3 тадан, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида 2 тадан томорқа хизмати корхоналари ташкил қилинмоқда. Сурхондарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларидаги 3 томорқа хизмати корхонасига жамғарма маблағлари ҳисобидан 1,8 миллиард сўм кредит ажратилди.