Ўзбекистон МДҲ давлатлари ўртасида хизматлар соҳасида эркин савдо ҳудуди битими лойиҳасини яратиш бўйича ишчи гуруҳ фаолиятида қатнашади. Бу ҳақда Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Шу муносабат билан Ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев бошчилигида идоралараро ишчи гуруҳи ташкил этилди. Ишчи гуруҳи таркибига Молия, Иқтисодиёт, Адлия, Ташқи ишлар, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълими вазирликлари, Инвестициялар бўйича Давлат қўмитаси, Марказий банк, Автомобиль транспорти агентлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК вакилари киради.
Лойиҳага кўра, МДҲ иштирокчи-давлатларининг ташкилотлари, компаниялари ва идоралари учун битимда қайд этилган шартларга асосланган ҳолда ўзаро хизматлар бозорига эркин кириш имконияти пайдо бўлади.
Ҳужжат барча хизматлар, жумладан молия, банк, транспорт, таълим, суғуурта ва бошқа хизматларни ўз ичига олади, давлат харидларида кўрсатиладиган хизматлар бундан мустасно. Шунингдек, битим лойиҳасида юридик шахсларнинг бошқа давлатларда ташкил этилиши, филиаллар, ваколатхоналарни очиш тартиби ва уларнинг инвестицион фаолияти тартиби белгилаб ўтилади.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг тахминан чорак қисмини хизматлар соҳаси ташкил этади. 2017 йил якунларига кўра хизматлар экспорти 3,5 миллиард, 2018 йил биринчи ярим йиллигида эса 2,4 миллиард долларни ташкил этди. талаб этилади.
Ишлаб чиқилаётган ҳужжат МДҲ ичида иккита – товарлар ҳамда хизматлар бўйича савдо ҳудудлари ташкил этилишига хизмат қилади ва бу ўз ўрнида ҳамдўстлик иштирокчиларининг эркин савдо қилиш имкониятларини кенгайтиради.