Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Саидакбархон Акбаров Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.
У ушбу лавозимга 29 июнь куни Олмазор туманида бўлиб ўтган мажлисда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан номзод сифатида таклиф этилганди. Саидакбархон ўшанда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича қатор амалий таклифлар билдирган.
Саидакбархон Акбаров ҳозирда Тошкент халқаро Вестминстер университетининг бизнес бошқаруви факультетида тўртинчи курс талабаси. Ёш эканлигига қарамай, таълим ва касбий ривожланиш соҳасидаги тадбиркорлик фаолияти тажрибасига эга, Ёшлар Иттифоқининг «Ёш тадбиркорлар» лойиҳаси аъзоси.
2013 йилдан 2018 йилгача таълим марказлари тармоғини бошқарган. Шунингдек, Ислом тараққиёт банки фонди инвестиция жалб қилиш танловида ўзининг онлайн таълим дастури билан иштирок этган.
Саидакбархон Акбаров қўмитада ёшлар туризмини ривожлантириш, инновацион ғоялар, смарт туризмни жорий этиш, шунингдек, таълим хизматларини такомиллаштириш билан шуғулланади.