Халқаро пресс клубда бўлиб ўтган божхона соҳасидаги ислоҳотлар ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган махсус сессияда тизим ходимларининг янги формаси намойиш этилди. Бу ҳақда «Nuz.uz» хабар бермоқда.
Тадбир давомида «Тошкент-Аэро» махсус божхона комплекси бошлиғи Равшан Тожиев аэропортларда хизмат қилувчи божхона ходимлари учун мўлжалланган янги формани тақдим этди.
Мазкур форма ранги, дизайни ва погонлар йўқлиги билан аввалгисидан фарқланади. Ҳарбий унвонлар металл пластиналарга муҳрланади ва кўкракка тақилади.
Форма ўзгартирилиши погонли кийим йўловчиларга руҳий жиҳатдан салбий таъсир кўрсатиши ва самимий мулоқот ўрнатишга халақит бериши билан изоҳланмоқда.
Равшан Тожиевга кўра, янги форма ходимларга йўловчилар ва пойтахт меҳмонларни янада дўстона кутиб олиш ва кузатишга имкон беради.