Аввалроқ Тошкент шаҳрининг Байналмилал кўчасида жами 26 та автомобиль йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда йўлнинг қарама-қарши томонидан ҳаракатлангани акс этган видеорегистратор ёзуви эълон қилинган эди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасидан хабар беришларича, видеоёзувдаги қоидабузарларга нисбатан чоралар кўрилиши бошланган.
Жумладан, тасвирдаги автомобиль ҳайдовчиларининг шахси аниқланиб, уларнинг манзилларига қоидабузарлик ҳақидаги баённомалар юборилмоқда. Ҳозирга қадар 5 нафар ҳайдовчига нисбатан баённомалар расмийлаштирилган.
Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, 4 ва ундан ортиқ полосали икки томонлама ҳаракат ташкил этилган йўлларда қарама қарши томонга ўтиш тақиқланади. Ушбу қоидани бузган шахсларга нисбатан энг кам иш ҳақининг 10 баравари (6 август ҳолатига кўра, 1 843 000 сўм) миқдорида жарима белгиланади.
Мазкур қоидабузарлик маъмурий чора кўрилганидан кейин бир йил давомида қайта содир этилса, ЭКИҲнинг 20 баравари миқдорида жарима солинади ёки бир йилгача транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
Изоҳ (0)