Тошкент шаҳар ИИББ автомобиллар давлат рақам белгиларининг номаълум шахс томонидан ўғирланаётгани ҳақида хабар берганди. ИИББ матбуот хизматидан маълум қилишларича, шаҳарнинг Мирзо Улуғбек тумани Чуст ва Буюк Ипак йўли кўчаларида тўхтаб турган автомобиллардан давлат рақамлари белгиларини ечиб олган ҳуқуқбузар, боғланиш учун Telegram’даги канал манзилини ёзиб қолдирган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбири натижасида ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлинди. Бу 17 ёшли Т.Ян бўлиб чиқди. Унинг уйидан жабрланувчилардан бирига тегишли бўлган автомобилнинг давлат рақами белгиси ва ҳуқуқбузар фойдаланган уяли телефон аппарати топилди.
«Гумондорнинг қонуний вакили гувоҳлигида ўтказилган тергов жараёнида Т.Ян ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди», — дейилади ИИББ ахборотида.
Айни пайтда ушбу шахснинг шунга ўхшаш бошқа жиноий ҳолатларга алоқадорлиги ўрганилмоқда. Шунингдек, ИИББ матбуот хизматининг алоҳида қайд этишича, суриштирув давомида ушбу ўсмирнинг жиноятга нега қўл ургани, унинг сабаб ва омилларига аниқлик киритилади.
Изоҳ (0)