Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринасининг ижроси, Президент томонидан Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасида белгилаб берилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиш жараёни Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси эшитувида муҳокама этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мудофаа доктринасининг ижросини самарали таъминлашда парламент палаталари, қўмиталар ва фракциялар, депутатларнинг иштироки муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёнда парламент назорати имкониятларидан фойдаланиш давр талабидир. Шу маънода тадбирда бу борада амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди, парламент ва масъул вазирлик олдида турган долзарб масалалар муҳокама этилиб, зарур таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, Хавфсизлик кенгаши мажлисида белгилаб берилган топшириқлар ижроси бўйича «Йўл харитаси»ни амалга оширишда айрим вазирлик ва идоралар томонидан шартнома лойиҳаларини келишиш муддатлари ўтказиб юборилаётганлиги, ҳарбий хизматчилар учун қурилаётган айрим уй-жойларда муҳандислик ва пардозлаш ишлари ўз вақтида якунланмаганлиги каби муаммолар борлиги кўрсатиб ўтилди.
Эшитувда «Йўл харитаси»ни амалга оширишда депутатлар томонидан кўмаклашиш, ҳарбий хизматчилар учун барпо қилинаётган кўп хонадонли уйларни қураётган ташкилотларнинг фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, вилоятлар марказларидаги «Ҳарбий ватанпарварлик боғлари»ни қуриш ишларини жадаллаштириш, вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлинмалари ишини янада фаоллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.
Якунда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан Мудофаа вазирлиги тизимида Мудофаа доктринасини ўз вақтида ва самарали ижро этишни кучайтириш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Изоҳ (0)