Фарғона вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси тасарруфидаги Фарғона шаҳар футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори Тоҳир Мўминов пора олаётган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда «Фарғона ҳақиқати» газетасига таяниб, «Газета.uz» хабар берди.
Ўғли ва жиянини мазкур футбол мактабига ўқишга киритиш истагида юрган Э.Пармоновадан собиқ директор 600 АҚШ доллари олиб келишини сўраган.
Ҳолат юзасидан Э.Пармонова Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими бошлиғига ариза билан мурожаат этиб, қонуний чора кўришни сўраган. Давлат хавфсизлик хизмати ва Департамент ҳамкорлигида ўтказилган тезкор назорат тадбири туфайли жиноятнинг олди олинди. Тоҳир Мўминов Э.Пармоновадан келишилган пулнинг 500 АҚШ долларини олаётган вақтда қўлга тушди.
Тоҳир Мўминовнинг қилмиши Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан квалификация қилиниб, айбдор деб топилди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди Тоҳир Мўминовга нисбатан бир йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 75 баравари миқдорида жарима жазосини тайинлади.
Изоҳ (0)