Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 28 июль куни Тошкент шаҳри, Миробод туманидаги ҳарбий қисмга ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.
Давлат раҳбарига ҳарбий қисмда амалга оширилган таъмирлаш ишлари, мудофаа тизимидаги алоқа тармоқларини модернизация қилиш, жанговар ва ўқув-тайёргарлик жараёнини автоматлаштиришга доир лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Мудофаа тизимида энг асосийси — алоқа. Бу тизимни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш, алоқа хавфсизлигини чуқур биладиган мутахассислар тайёрлаш бўйича янги стратегия ишлаб чиқиш керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Аскарлар орасидан техник-муҳандислик қобилиятга эга ёшларни саралаб олиш, алоқачи мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган ўқув юртларидаги таълим ва амалиёт дастурини такомиллаштириш, ҳарбийларни замонавий рақамли технологиялар бўйича ўқитиш юзасидан топшириқлар берилди.
Шавкат Мирзиёев мудофаа вазирлиги қўшинларида мавжуд алоқа техникалари намуналари билан ҳам танишди. Ҳарбий қисмда аскарларнинг хизматни ўташи учун яратилган шароитларни кўздан кечирди, улар билан суҳбатлашди.
Изоҳ (0)